Новости



Новости

3D-принтерлари ва роботлар энди Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда

Тошкентдаги «Яшнобод» технопаркида 3D-принтерлар ва роботлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Сўнгги йилларда фан-техника жадал ривожланиб, шундай ихтиролар, инновацион ишланмалар, замонавий технологиялар яратилдики, улар ҳаётимиздан чуқур ўрин олиб, яшаш сифатини бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Замонавий технологиялар кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бинобарин, авваллари хаёлимизга ҳам келмаган нарсалар бугун ҳақиқатга айланиб, жамиятимизнинг барча жабҳасида ривожланишга йўл очмоқда. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ. 1961 йили 12 апрел куни Юрий Гагарин фазога учган эди. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлганди ўшанда. Бугун эса халқаро космик кемада фазогирлар жамоаси навбатма-навбат коинотга сафар уюштириши оддий ҳолга айланиб улгурди. Тўғри, уларнинг исмини ҳамма ҳам ёддан айтиб бера олмаслиги мумкин, бироқ асосийси, фазони ўзлаштиришда янгидан-янги ютуқлар қўлга киритилмоқда. Сир эмас, ҳозир ҳаётимизни мунтазам равишда такомиллаштириб борилаётган компютер ва интернетсиз тасаввур этиш мушкул. Яқин-яқингача одамлар ишхонада замонавий компютерларда ишлашни орзу қилган бўлса, айни пайтда ноутбуклар, нетбуклар, планшетлар ва “гаджет”лар деб аталадиган бошқа қурилмалар бугун нафақат офислар, балки ҳар бир хонадондан муносиб жой эгалламоқда. Ҳозирги давр одамлари компьютерлару ноутбукларга, смартфонларга боғланиб қолган. Чунки ушбу қурилмалар шунчаки мулоқот воситаси эмас, балки кўп қиррали вазифаларни бажармоқда. Улар орқали қўнғироқ қилиш, хабар ёки расм юбориш-қабул қилиш, онлайн харидни амалга ошириш, янгиликлар билан танишиш, керакли маълумотларни олиш, фото ёки видео олиш, томоша қилиш, мусиқа эшитиш, турли ўйинларни ўйнаш мумкин. Бугунги кунда дунёда шундай ихтиролар борки, улар ҳали ҳам ҳаётга кенг татбиқ этилмаган бўлса-да, бир кун келиб, смартфонлар ҳамда компютерлар сингари одамлар турмушининг ажралмас қисмига айланиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ана шундай кашфиётлардан бири шу кунларда оммавий ахборот воситаларида бот-бот тилга олинаётган 3Д-принтерлардир. Гап шундаки, бизда “Принтерлар фақатгина матн ва суратни чоп қилади холос”, деган фикр шаклланиб қолган. Аммо мутахассисларнинг айтишича, принтерларнинг имкониятлари жуда кенг бўлиб, яқин келажакда мазкур технология жамият ҳаётининг барча жабҳасида қўлланилади. Унинг афзаллиги шундаки, зарур материаллар ҳамда дастурий таъминот ёрдамида уй қуриш, протез ва имплантатлар тайёрлаш, қимматбаҳо эсдалик буюмлар, тақинчоқлар ишлаб чиқариш мумкин. Масалан, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландияда ушбу йўналишда амалий натижаларга эришилган. Яъни 3Д-принтерлар тураржойлар ҳамда уларнинг қисмларини — конструкциялари, ички деворлари, турли шаклдаги ҳимоя тўсиқларини ҳеч қандай қолипларсиз “чоп этмоқда”. Хусусан, Хитойда узунлиги 150 метр, кенглиги 10 метр бўлган 3Д-принтер яратилди. Ушбу қурилма бир неча соат ичида баландлиги олти метр бўлган бинони “барпо қилиши мумкин”. Бунда у “сиёҳ” ўрнида кучайтирилган шиша толали цементдан фойдаланади. Шундай бўлса-да, ҳозирча бу усулда йирик иншоотларни қуриш синов тариқасида олиб борилмоқда. Ландшафт дизайни ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш учун кичик архитектура шаклларини тайёрлашда 3Д-принтерлар имкониятидан тобора жадал фойдаланиляпти. Тиббиётда 3Д-принтерларни қўллаш истиқболлари ҳам жуда катта. Мисол учун, бундай йўсинда тайёрланадиган протезлар бемор танасининг илғаш қийин бўлган индивидуал жиҳатларини ҳам ҳисобга олиш имконини беради. Стоматологияда вақтинчалик тиш қопламаси ёки жағ имплантатларини яратишда 3Д-принтерлардан кенг фойдаланилмоқда. Тиббиётнинг бошқа соҳаларида ҳам ушбу қурилмани қўллаш бўйича изланишлар олиб борилаётир. Мутахассисларнинг билдиришича, келажакда инсон органларини “чоп этиш” имкониятлари ҳам йўқ эмас. 3Д-принтерларга кичик бизнес катта қизиқиш билдираётгани диққатга сазовор. Дейлик, мазкур қурилма ёрдамида ҳар қандай уч ҳажмли суратларни айнан ўзидек кўпайтириш мумкин. Машҳур футболчилар, кино юлдузлари, мультфильмлар қаҳрамонларининг шаклини ясаш орқали маркетинг лойиҳаларини рўёбга чиқариш имконияти бор. Қурилма ёрдамида эсдалик учун ўзи, яқинларининг қиёфаларини шакллантирса бўлади. Ушбу технологияга, айниқса, оригинал ва ноёб тақинчоқлар ҳамда аксессуар ишлаб чиқарувчилар катта қизиқиш билан қараяпти. Қайд этиш керакки, энг сўнгги русумдаги 3Д-принтерлар “сиёҳ” сифатида нафақат пластик материални, айни пайтда олтин, кумуш ва платиналарни ҳам ишлата олади. Буюртмачи эса тақинчоқнинг шакли ва усулини таъбига қараб танлаши мумкин. Бугун 3Д-принтерларни қўллаш соҳаси ҳамда кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бунда замондан ортда қолиб кетмаслик лозим. Тошкентдаги «Яшнобод» технопаркида 3D-принтерлар ва роботлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Яшнобод” инновацион технопарки директори Фарҳод Жумаевнинг сўзларига кўра, айни пайтда одамларга навигация билан ёрдам берувчи, саволларга жавоб берувчи, промо-материалларни трансляция қилувчи ва ўзи мулоқот қилган одамларнинг ҳаммасини эслаб қолувчи “Adbot” роботи ҳозирча фақат экспорт учун чиқарилмоқда. Аммо мамлакатдаги банклардан бири бундай роботни буюртма қилган, айни пайтда у йиғиш босқичида. Яна бир қизиқарли лойиҳа — Ўзбекистон бозори учун янгилик бўлган 3D-принтерлар ишлаб чиқаришдир. Green Code компанияси қарийб ярим йилдан буён ички бозор учун 3D-принтерларни ишлаб чиқармоқда. Ҳақиқатан, кеча тасаввурга сиғмаган нарсалар бугун ҳақиқатга айланмоқда. Инновацион ишланмалар ва илғор технологияларни яратиш ҳамда ҳаётимизнинг барча жабҳасига жорий қилиш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилгани ҳам бежиз эмас.

23 11 2020