Новости



Новости

Technovation Girls халқаро дастури Ўзбекистонда янги мавсумни очди

Жорий йилнинг 23 январь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида қизлар учун энг йирик халқаро технологик танлов – Technovation Girls Uzbekistan дастурининг янги мавсуми очилди. Ўзбекистонда ушбу дастур 2016 йилдан буён ўтказиб келинади. - Танлов мақсади — иштирокчи қизларга «мослашадиган» кўникмаларни сингдириш, уларни ахборот технологиялари ва тадбиркорлик соҳаларига қизиқтириш, STEM соҳасида аёллар учун ролли моделлар ҳақида гапириб бериш ва технологиялар ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишни ўрганишдан иборат, - деди инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шахло Турдиқулова. “Танловда ғолиб бўлмасангиз ҳам жамоада ишлаш ва маълумотлар билан ишлашда катта тажрибага эга бўласиз. Мен ўз ўрнида илм-фанга эътибор қаратишни истардимки, уни танласангиз, чин дилдан меҳр бериш керак”, сўзини якунлади Ш.Турдиқулова. Technovation Girls Uzbekistan дастури 3 ой (февраль – апрель) давом этадиган машғулотларга мўлжалланган бўлиб, у Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ўтказилади. Карантин чекловларини инобатга олган ҳолда ва ҳудудлардаги жамоаларга қулай бўлиши учун сессияларнинг аксарияти онлайн-форматда ўтказилади. Вебинарлар маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида қуйидаги мавзулар бўйича бўлиб ўтади: мобил иловаларни дастурлаштириш (App Inventor дастурида); бизнес-режа яратиш, ижтимоий тадбиркорлик; смартфонларга видео олиш, видеони монтаж қилиш; тақдимотларни тайёрлаш; менторлик; IT соҳасида карьера; Барқарор Ривожланиш Мақсадлари Танловнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган финал босқичи шу йил май ойига режалаштирилган. Энг яхши жамоалар совринларга эга бўлади, июнь ойида эса халқаро ҳакамлар ҳайъати халқаро танловда Ўзбекистон номидан қатнашадиган бир неча жамоани аниқлайди. Дастурда қатнашиш бепул. Иштирокчи қизлар ва менторларни рўйхатдан ўтказиш ишлари 10 февралгача www.technovation.uz сайтида амалга оширилади. Technovation Girls Uzbekistan дастури Tech4Impact ННТ томонидан Ўзбекистон болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Илғор Технологиялар Маркази, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижодий ва ихтисослашган мактабларни ривожлантириш агентлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги офиси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу йил Ўзбекистонда Technovation Girls 2021 дастури БМТТД ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳамкорликдаги “Аёлларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш” лойиҳаси кўмагида ўтказилмоқда. Technovation Girls — қизлар учун мўлжалланган дунёдаги энг йирик ва энг оммабоп технологик дастур. Ўзбекистонда ушбу дастур 2016 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида 120 та жамоа мобил иловалар яратди. 1 200 дан ортиқ қиз 200 нафар ментор кўмагида тренингларда қатнашди, 50 дан зиёд тадбир ўтказилди. Тошкент шаҳри ва вилоятлардан қатнашаётган Technovation иштирокчилари, яъни 10-18 ёшли қизлар, технологиялар ёрдамида ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишни ўрганади ва Барқарор Ривожланиш Мақсадлари билан боғлиқ соҳаларда инновацион мобил иловаларни яратади. Жамоаларга тадбиркорлар, ўқитувчилар, университетлар талабалари ва IT-мутахассисларидан иборат менторлар (мураббийлар) томонидан ёрдам кўрсатилади. Ҳар бир жамоа мобил илова яратади, лойиҳанинг бизнес-режасини ёзади, лойиҳа ҳақида видео суратга олади ва танлов якунида ўз лойиҳасини тақдим этади. 2018 йилда Ўзбекистон жамоаси жаҳоннинг энг яхши 10 та жамоаси қаторидан ўрин олиб, ўз лойиҳасини Калифорнияда ўтказилган халқаро финалда тақдим этди. Дастурнинг Ўзбекистондаги сайти: www.technovation.uz Халқаро сайт: https://technovationchallenge.org/

25 01 2021