Новости



Новости

Тошкент ер ости инфратузилмасидаги авария ҳолатлари сунъий йўлдош орқали аниқланмоқда

Ҳозирда табиий ресурслардан тежаб фойдаланиш, хусусан сувни оқилона ишлатиш ўта долзарб масалалардандир. Аҳоли ўсиши, саноат ривожланиши ва глобал исиш жараёнлари туфайли ичимлик суви танқислиги янада яққол кўзга ташланмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги аҳоли ҳаёт тарзининг сифатини ошириш, шаҳар инфратузилмаларини такомиллаштириш, сув ресурсларини тежаш, уларнинг исроф бўлишининг сабаб ва оқибатларини ўрганиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида Исроилнинг Maya International компанияси билан ҳамкорликда шаҳар магистраль тизимларини таъмирлаш ишлари бўйича инновацион технологиясини трансфер қилиб, уни республикамизда жорий этиш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Maya International компанияси томонидан таклиф этилган инновацион технология магистраль қувурлар ўтадиган йўлларни тўсмасдан, асфальтни бузмасдан қувурларни янгилаш имкониятини бермоқда. Аввало компания мутахассислари сунъий йўлдош ёрдамида қувурлардаги тешилиш ҳолатларини аниқлади. Сунъий йўлдош орқали текшириш орқали қувурларнинг ҳолати билан бир қаторда сув, канализация, электр кабеллари, телекоммуникация, газ қувурларининг жойлашган ўрни аниқланиб, улар харитага туширилди. Авваллари Ўзбекистонда мазкур ишлар турли хил йилларда, турли ташкилотлар томонидан амалга оширилгани боис, уларнинг аниқ харитаси мавжуд эмасди. Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар шаҳар инфратузилмасини хариталаш, уларни режалаштириш ва аниқ муаммоларни белгилаш имконини берди. Бу ўз навбатида газ, сув, электр тармоқларига ноқонуний уланиб олиш ҳолатларини бартараф этади, ноқонуний ҳаракатларни аниқ мониторинг қилиш учун замин яратади. – Maya International технологиялари ер ости инфратузилмасини хариталашга қаратилган, – дейди Maya International компаниясининг раҳбари Moche Chetrit. – Агар ер остидаги совуқ ва иссиқ сув, канализация қувурлари электр трассаларида бирор авария ҳолати юз берса, у ерни қазиш ва уларни таъмирлаш ишларини амалга оширишдан аввал ер остида қандай ҳолат эканини айтиб бера оламиз. Бундан ташқари, биз ер ости қувурларининг тешилган жойларини аниқлаб берувчи инновацион технологияни ҳам олиб кирганмиз. Мазкур технология сунъий йўлдош орқали катта ҳудудлар, дейлик Тошкент шаҳри ер ости магистралларидаги носозликни аниқлаб беради. Сўнгра мутахассисимиз билан сув сизиб чиққан жойнинг ўзига бориб, махсус верификация ишлари олиб борилади. Шундай қилиб, биз қисқа вақт оралиғида кўплаб қувурлардан сув сирқиб чиқаётган нуқталарни аниқлашга муваффақ бўламиз. Мана шу технологиямиз ёрдамида жорий йилда Тошкент шаҳридаги сув қувурларида 1500 та тешиклар ва ёриқлар аниқланди. Бунча авария ҳолатларининг қисқа муддатларда аниқлаб, бартараф этиш орқали қанчадан-қанча сув ресурсларини иқтисод этишга эришилди. Ҳозирда эса ер остидаги қувурларини очмасдан таъмирлаш технологиясини олиб киришни режалаштирдик. Бунда мавжуд трубалар олиб ташланмай, катта қазиш ишлари олиб борилмай, қувур ичида янги қувур ҳосил қилинади. Бир нуқтани қазиб, кунига 200 метр қувурни таъмирлаш мумкин бўлади. Шундай қилиб, ойлар даврида қилинадиган ишларни кунлар, йиллар давомида амалга ошириладиган таъмирлаш ишларини ойлар давомида амалга оширишга эришилади. Таъмирлаш ишлари давомида эса йўллар ёпилмайди, аҳолига ноқулайликлар туғдирилмайди, экологияга зарар етказилмайди. Мутахассиснинг айтишича, келгуси йил юртимизга киритилиши лозим бўлган технология қувурнинг бир учидан юборилган махсус суюқлик, қувурнинг деворларини қоплайди ва герметик сирт ҳосил қилади. Натижада қувурнинг тешилган жойлари ҳеч бир ямоқсиз бутун ҳолатга келади. Ушбу қоплама ўз навбатида бензин, кислоталар, ювиш воситали ва бошқа кимёвий воситаларга чидамли бўлиб, қувурларнинг бутунлигига путур етказмайди. Қувурларни бошқатдан ётқизилмай, ичидан таъмирланиши бюджет маблағларини тежайди, аҳолига ноқулайликлар яратмайди. Шунингдек, мазкур технология ёрдамида таъмирланган қувурлардан фойдаланиш экологик жиҳатдан зарар келтирмаслиги, одамлар саломатлигига ҳеч қандай хавф олиб келмаслиги ҳам муҳимдир. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур инновацион технологияни республикамизда жорий қилиш ташаббуси билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига мурожаат қилди. УЖКХВ лойиҳани қўллаб-қувватлади ва уни бажаришга амалий ёрдам кўрсатди. – Жорий йилда мазкур технология ёрдамида пойтахтимизда 1108 та сув сирқиш нуқталари ямалиб, 5 млрд. сўм иқтисодий самарага эришилди, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий ишланмалар ва технологияларни тижоратлаштириш ҳамда трансфер қилиш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бабаханов.– 2021 йилда эса Уй-жон коммунал хизмат кўрсатиш хўжалиги вазирлиги, «Сувсоз» ДУК билан бирга очилган Ўзбекистон-Исроил қўшма корхонаси Тошкент вилоятида иш бошлайди ва кейинчалик республикамиздаги бошқа вилоятларга ҳам жорий этилади. Айниқса, қазиш ишлари олиб бориб бўлмайдиган жойларда мазкур ер қувурларини таъмирлаш ва янгилаш тизими ўз афзалликларини яққол намоён этмоқда. Бу – вақт қадри ва сув қадридир. Мисол учун 200 метрлик қувурни таъмирлаш учун анъанавий технологиялардан фойдаланиладиган бўлса, камида икки ҳафта давомида ерни қазиш, таъмирлаш ва иш тугаганидан кейин қайта ерни ёпиш, устини асфальт қилишга тўғри келади. Янги технология ёрдамида эса бу ишни бир иш кунида, яъни 8 соат давомида амалга оширилади. Ва муҳими, мазкур бажарилган ишларга 50 йиллик кафолат берилади. Корхона мутахассисларининг таҳлилларига кўра, Тошкент шаҳрида умумий сув ишлаб чиқариш ҳажми йилига 726 885 097 м3, ўртача сув сарфланиши 177 934 480 м3ни ташкил қилади. Шундан ичимлик сувининг йиллик техник йўқотилиши 31 366 922 м3, аҳолига йўналтирилган ичимлик сувнинг сирқиб чиқиши ва сарф учун тўланмаслиги натижасида йўқотилиши 215 390 999 м3, яъни 31 фоизни ташкил этади. Шундай қилиб, сув қувурларининг таъмирлаш ишлари учун сарфланадиган бюджет маблағлари тежалиши, республикамизнинг сув танқислиги шароитида сув ресурслари мақсадсиз сарф бўлишининг олди олиниши, аҳолининг сувдан фойдаланганлиги учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилиши таъминланиши ва қарздорлик ҳолатларининг олди олиниши лойиҳанинг муҳим жиҳатларидандир.

06 01 2021