Новости



Новости

ВИРУСЛАРДАН ҲИМОЯЛОВЧИ ИННОВАЦИОН МИНОРА

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлигида ўтказилган “Innoweek-2020” инновацион ғоялар ҳафталигида Амир ва Султон Абидовлар томонидан яратилган “Инновацион минора” кўпчиликнинг эътиборини тортди. – CleanBox номи остида яна бир янги лойиҳани ишга тушириш арафасидамиз. Буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино айтганидай, агар ҳавода чанг зарралари бўлмаганида эди, инсон минг йил умр кўрарди. Инсон саломат бўлиши учун тоза ҳаво ва сувнинг ўзи кифоя. Шу сабабли аксарият инсонлар тоза ҳаводан нафас олиш мақсадида тоғ ён-бағирларига йўл олишади. Шаҳарларда истиқомат қиладиган аҳоли тоза ҳаво камлиги боис кўпинча ўзида толиқиш ҳис қилади. Негаки ҳавода карбонат ангидрид мавжуд. Табиийки, турли хил авто уловлар ва заводлардан чиқаётган газ туфайли ҳаво заҳарланади. Натижада бундай ифлосикларга микроб ва вируслар ҳам қўшилади. Инноваторларнинг вазифаси имкон қадар аҳолининг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиладиган ишланмалар тақдим қилишдир. Айниқса, ҳозирда бутун дунё миқёсида ҳукм сураётган пандемия шароити кўп имкониятларни чекламоқда. Агар билсангиз, ҳавони тозалаш бўйича махсус фонд ҳам ташкил этилган. Биз ҳам бу муаммо ечимига ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида мана шундай минора прототипини яратдик. Унга ўз фильтрларимизни ўрнатишни кўзладик. Минорани шаҳарнинг қоқ марказига ўрнатишни режалаштирмоқдамиз. У шаҳар ҳавосини тозалаб, кислород ишлаб чиқаради. Муҳими, минора кўнгилдагидек ишлаши учун ҳеч қандай электр қувват шарт эмас. Фақатгина унга қуёш нурлари тушиб турса бўлгани. Натижада минорада йиғилган ҳаво қизиб, юқорига кўтарилишни бошлайди. Совуқ ҳаво миноранинг ён томонидан тортиб олинади ва шундай ҳолатда конвекция ишлари бажарилади. Кейин ҳаво фильтрдан ўтказилади ва шаҳар аҳли тоғ бағридагидек тоза ҳаводан баҳраманд бўлади. Фильтлар ишлашни бошлаганда, микроб, бактерия ва вируслар, ҳатто ёқимсиз ҳидларни ҳам сўриб олади. Қолаверса, бу минорани ташландиқ заводларнинг ён-атрофига ўрнатишни ҳам кўзлаганмиз. Ҳалигача уларнинг конструкцияси сақланиб қолмоқда. Улардан қолган минораларни олиб ташламасдан, керакли ҳаво тозаловчи минораларга алмаштиришини ўйладик. Ҳар бир минора 10 км.гача бўлган масофани қамраб олади ва зарарсизлантириш кучига эга. Ўйлайманки, ушбу лойиҳа тез кунда ишга туширилади ва шаҳар аҳолиси тоза ҳаводан роҳатланишни бошлайди!

25 11 2020